ТОШКЕНТ, 31 янв — Sputnik. Ўзбекистон 2022 йилнинг энг яхши шахмат мамлакати деб топилди, деб хабар берди мамлакат шахмат федарацияси раиси Алишер Саъдуллаев.
Унинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик шахматчиларнинг сўнгги бир йил давомида халқаро майдонлардаги сенсацион ғалабалари ортидан Ўзбекистот йилнинг энг яхши шахмат мамлакати деб эътироф этилган.
Нидерландиядаги халқаро турнир якунида Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров йилнинг энг яхши шахмат мамлакатига топшириладиган “Tour D'or” – “Олтин минора” совринини қабул қилиб олишди.
Ўзбекистон шахмат федерациясига Европанинг шахмат совринини франциялик машҳур гроссмейстер Башар Куатли топширган.
Эслатиб ўтамиз, Нидерландияда бўлиб ўтган "Tata Steel Chess-2023" халқаро мусобақасининг "Masters" гуруҳида Нодирбек Абдусатторов 2-ўринни, "Challengers" гуруҳида эса Жавоҳир Синдоров 3-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, 2022 йилда Ҳиндистонда ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон чемпион унвонига сазовор бўлганди.