ТОШКЕНТ, 31 янв – Sputnik. Ҳамма тўй билан, бўри қўй билан деганларидек, бутун дунёнинг эътибори Украинага қаратилган бир вақтда АҚШ ортиқча шовқинсиз жаҳон бозорида йирик миқдорда олтин сотиб олиш билан шуғулланмоқда.
Бу ҳақида иқтисод фанлари доктори, халқаро молия бўйича МГИМО собиқ профессори Валерий Катасонов Sputnik мухбирига берган интервьюсида ҳикоя қилиб берди.
Иқтисодчи сўзларига кўра, 2022 йил жаҳон бозорида 1960 йиллардан буён кузатилган рекорд миқдорда олтин сотилган.
Шу ўринди иқтисодчи 1960 йилларда, дунёда “Олтин-доллар стандарти” амал қилгани ва олтин халқаро савдода пул вазифасини бажаргани туфайли давлатлар орасида савдода йирик миқдорда олтин сотиш ва сотиб олиш табиий ҳолат бўлганини эслатиб ўтди.
Катасонов олтин савдоси авжига чиқишида яна бир қизиқ фактга эътибор қаратди. Умумжаҳон олтин кенгаши (WGC) стастистик маълумотларига кўра, ўтган йилда харид қилинган олтиннинг фақат 25 фоизининг харидорлари номи маълум, қолган 75 фоизи - ўз номини сир тутишни маъқул кўрган.
Яъни, бошқача қилиб айтганда кимдир ортиқча шовқинсиз кўп миқдорда олтин сотиб олмоқда. Бир вақтнинг ўзида дунёдаги йирик ОАВлар олтин – бу эски стандарт, олтин стандартига қайтиш замон талабига жавоб бермайди каби мақолалар чоп этмоқда. Эҳтимол, уларнинг мақсади олтин нархини тушуришдир.
Ва ҳозирча бу иш бермоқда - нефть, газ, рангли металлар нархи ўсиб бораётган бир вақтда олтин нархи деярли ўсмаяпти. Бу, албатта, “пул эгаларининг” иши. Пул эгалари деганда мен АҚШни назарда тутаяпман. Улар ими-жимида жаҳон бозоридан олтинни паст нархларда сотиб олмоқда. Демак, доллар узоқ вақт халқаро савдо валютаси сифатида сақланиб қолишига уларнинг ўзи ҳам ишонмайди ва имкон қадар қоғозларни қимматбаҳо металлга алмаштириб олмоқда.
Буни барча йирик давлатлар ҳам аллақачон тушунган ва доллардан босқичма-босқич воз кечишни бошлаган.
АҚШнинг энг йирик кредиторлари – Хитой ва Япония аста секин ўзларнинг долларда сақланаётган захиралар миқдорини камайтирмоқда. Айтиш жоизки, бу ишда Япония Хитойга қараганда пешқадамлик қилмоқда.
Осиё давлатларидан ташқари Саудия Арабистони ҳам ушбу йўналиш бўйича кетмоқда ва АҚШ валютасидаги захираларидан ва янги инвестициялардан воз кечмоқда.
Доллар қулаши секин-аста ёки бир зумда содир бўлиши мумкин, лекин бу муқаррар. Бугун бўлажак инқирознинг барча белгилари кузатилмоқда. Жаҳон иқтисодида шунга ўхшаш ўзгаришлар 1960 йилларда нефт-доллар стандарти пайдо бўлишидан бир неча йил олдин ҳам кузатилган эди. Мен буни яхши эслайман, дейди Катасонов.
Тўлиқ интервьюни рус тилида Sputnik видеолавҳасида томоша қилинг.