ТОШКЕНТ, 30 янв — Sputnik. Aгар AҚШ ҳақиқатан ҳам Украина халқи ҳақида қайғурса, қурол етказиб беришни тўхтатиши керак. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нин маълум қилди.
“Америка Қўшма Штатлари Украина инқирозининг бош ташаббускори ва асосий ҳаракатлантирувчи кучидир, улар Украинани доимий равишда оғир ва ҳужумкор қуроллар билан таъминлаб, можарони узайтириб, уни янада қизғин қилмоқда”, - деди дипломат.
У Вашингтонни “урушдан фойда олишни бас қилишга” ва “масъулият билан кескинликни пасайтиришга ёрдам беришга” – “манфаатдор томонлар”нинг тинчлик музокаралари учун шароит яратишга чақирди.
Яқинда Оқ уй раҳбари Жо Байден Украинага Aмерикада ишлаб чиқарилган "M1 Abrams" танклари етказиб берилишини эълон қилганди.
Россия Украинада Донбасс аҳолисини ҳимоя қилишга қаратилган махсус ҳарбий операция бошлаганидан сўнг АҚШ ва унинг НАТО бўйича иттифоқчилари Киевга қурол-яроғ етказиб беришни кўпайтиришди. Москва бир неча марта Ғарб етказиб бераётган қурол-яроғ можарони фақат чўзиши ва улар Россия армиясининг қонуний нишони бўлишини таъкидлаган.