Нукусда газ портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони ошди

Аввалроқ қутқарувчилар вайроналар остида қолиб кетган 5 ёшли қизалоқ чиқариб олишган эди. Шунингдек, бир фуқаронинг жасади топилган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 янв — Sputnik. Нукус шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида газ портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 нафарга етди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Эрта тонгга келиб вайроналар остидан яна 4 нафар фуқаронинг жасади топилиб, жами ҳалок бўлганлар 5 нафар бўлди”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, воқеа жойида фавқулодда вазиятлар вазири бошчилигида ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нукус шаҳри “Темир жол” МФЙдаги 4 қаватли уйнинг тўртинчи қаватида жойлашган хонадонларнинг бирида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлгани хабар қилинган эди. Қутқарувчилар вайроналар остида қолиб кетган 5 ёшли қизалоқни чиқариб олишган эди. Шунингдек, бино конструкциялари орасидан бир фуқаронинг жасади топилган эди.