ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. 2023 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида қатор ўзгаришлар рўй беради. Sputnik улар ҳақида маълумот тайёрлади.
Адвокатлар ордери электрон бўлади
Адвокатлик тузилмалари адвокатларга муайян ишни олиб бориш учун бериладиган анъанавий шаклдаги ордер мақомига тенг бўлган махсус QR-код қўйилган "Электрон адвокатлик ордери"ни бериш амалиётини йўлга қўяди.
Ордер муқобиллик асосида қоғоз шаклда расмийлаштирилганида, ушбу ордер ҳақидаги маълумотни "Юридик ёрдам" ахборот тизимига киритиш мажбурий ҳисобланади.
Адвокат сўрови шаклига қўйилган талаблар, шу жумладан унга ордернинг кўчирма нусхасини илова қилиш, ордерни қайд этиш дафтарини юритиш талаблари бекор қилинади.
Савдо-саноат палатаси аъзолигига текин қабул қилинади
2023 йил 1 февралдан бошлаб микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари палата аъзолигига, аъзолик ва кириш бадалларидан озод қилинган ҳолда текин қабул қилинади.
Қонунда назарда тутилган аъзолик билан боғлиқ палата хизматларидан тўлақонли фойдаланиш ҳуқуқига эга, палата томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган қўшимча пуллик хизматлар бундан мустасно.
Заргарлик буюмини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбикорларга (ЯТТ) банк кафолати берилади
Қимматбаҳо металларни товар-хомашё биржаси орқали кечиктириб тўлаш шарти билан сотганда:
- сотиб олинган қимматбаҳо металлар учун тўлов мажбуриятларини "Ўзмиллийбан" АЖнинг кафолати билан бир қаторда бошқа банкларнинг кафолатлари ҳамда тегишли ташкилотнинг кафиллиги билан ҳам таъминлашга;
- банк кафолатини заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи ЯТТларга ҳам беришга;
- тўлов мажбуриятларини таъминлаш мақсадида бериладиган банк кафолати бўйича хизмат ҳақини тарафларнинг келишувига асосан қатъий миқдордаги суммада белгилашга рухсат этилади.
Қиймати 100 миллион сўмгача заргарлик буюмларини божхона декларациясини тўлдирмасдан олиб чиқиш мумкин
Қуйидагиларга рухсат этилади:
- резидент ва норезидент жисмоний шахсларга — қиймати 100 миллион сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга;
- заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи ЯТТларга — заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда, маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишга.
Нодавлат нотижорат ташкилотилари адлия органига тақдим этадиган ҳисобот шакли ўзгаради
Адлия вазирининг тегишли буйруғига асосан 1 февралдан бошлаб ННТлар адлия органига тақдим этадиган ҳисобот шаклининг янги таҳрири кучга киради.