Энди Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари чегарадан ID-карта орқали ўтишлари мумкин бўлади

Бугунги кунгача ҳали бирорта давлат билан ID-карта орқали ўзаро бориб-келиш тартиби йўлга қўйилмаган эди. Қирғизистон биринчиси бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари энди икки давлатга ID-карта орқали ўтишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи давомида 2006 йил 3 октябрда Ўзбекистон Ҳукумати билан Қирғизистон Ҳукумати ўртасида имзоланган фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Баённома ҳам алмашинилди.
Унга кўра, эндиликда Ўзбекистоннинг барча фуқаролари Қирғизистонга, худди шундай Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга ID-карта орқали киришлари мумкин бўлади. Илгари фақат хорижга чиқиш паспорти билан мумкин эди.
Фуқароларнинг чегарадан кириш-чиқиши ҳақидаги маълумотлар электрон тарзда қайд этилади, паспортга штамп босишга ҳожат қолмайди.
Ушбу енгиллик исталган транспорт орқали (самолёт, поезд, автомобил, автобус ва ҳк) чегарани кесиб ўтишда амал қилади.
Мазкур тартиб имзоланган ҳужжатлар иккала давлат томонидан тегишли тартибда тасдиқланган сўнг кучга киради. Бу тахминан 1-2 ой вақт олиши мумкин.
Ушбу тартиб айниқса Ўзбекистоннинг эксклав ҳудудлари бўлган Сўх, Шоҳимардон, Чўнғара каби ҳудудларидаги юртдошларимиз учун катта енгиллик бўлади, уларнинг чегарадан ўтишларидаги ортиқча бюрократияга чек қўяди.
Маълумот учун, бугунги кунгача ҳали бирорта давлат билан ID-карта орқали ўзаро бориб-келиш тартиби йўлга қўйилмаган эди. Қирғизистон биринчиси бўлди.