ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. 2016 йилдан 2021 йилгача Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ташқи савдо ҳажми 2,7 баробарга ошди. Бу ҳақда Қирғизистон республикаси иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Канатбек Aбдраҳманов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Қирғизистондан экспорт 44 фоизга, импорт эса 5,6 баробарга ошган.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон республикаси чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали юкларни ҳар олти ойда бир марта қўшимча йиғимсиз олиб ўтиш мумкин. Рўйхатга 20 турдаги маиший ва оргтехника, шунингдек, бошқа турдаги истеъмол товарлари (ҳар бир буюмдан ойига икки килограммгача) киритилган. Ушбу товарларнинг умумий оғирлиги 10 килограммдан ошмаслиги керак.
Қирғизистон Ўзбекистонга асосан кўмир, нефть маҳсулотлари, қора металл ва ундан тайёрланган буюмлар, кулолчилик маҳсулотлари, транспорт воситалари ва уларнинг қисмлари, шиша, турли анжомлар ва механик қурилмалар, пластмасса буюмлари, гипс, тош, цемент, қайта ишланмаган алюминий, ёғоч-тахта материаллар, ҳайвонлар, картошка, мевалар ва ёнғоқлар экспорт қилади.
Ўзбекистондан Қирғизистонга озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги хомашёси, пластмасса ва ундан тайёрланган буюмлар, ўғитлар, фармацевтика маҳсулотлари, табиий газ, енгил саноат маҳсулотлари, алюминий маҳсулотлари, мис, шиша, кулолчилик буюмлари, транспорт воситалари ва уларнинг қисмлари, электр машиналари ва аппаратлари, турли жиҳозлар ва унинг деталлари юборилади.