ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Бугун қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилиш якунланади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Cадир Жапаров Бишкекда бўлиб ўтаётган кенгайтирилган музокаралар давомида маълум қилди.
Бишкекда Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари иштирокида кенгайтирилган музокаралар бўлиб ўтмоқда. Унда сўзга чиққан президент Садир Жапаров Ўзбекистон Қирғизистон учун ҳақиқий дўст ва ишончли стратегик шерик эканлигини қайд этиб ўтди.
Таъкидланишича, анъанага кўра, учрашув очиқ ва дўстона руҳда ўтади. Мамлакатлар ўртасида сиёсий қарама-қаршиликлар йўқ.
“Икки мамлакат ўртасида парламентлараро алоқалар изчил ривожланиб, улар давлатлараро муносабатларда муҳим ўрин тутади.Бугун биз қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилишни якунлаяпмиз. Бу ҳақиқатан ҳам тарихий воқеа. Биз мулоқотга ва ўзаро мақбул ечимларни излашга тайёрлигимизни намойиш этдик. Ишончим комилки, чегаралар масаласига чек қўйиб, биз келажак авлодларимиз камолотига мустаҳкам пойдевор қўямиз”, дейди Жапаров.
У ўз сўзида Шавкат Мирзиёевни, қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация қилиш бўйича муҳим масалаларни ҳал этишда беқиёс ҳиссаси борлигини қайд этиб ўтди.
Айтилишича, давлат ташрифи доирасида шартномани ратификация ёрлиқларини алмашиш орқали бундай муҳим воқеа таъминланиши алоҳида эътиборга молик.
Шунингдек, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзоланади. Садир Жапаров ўз сўзида шу орқали муносабатлар мисли кўрилмаган даражага олиб чиқилишини қўшимча қилди.