Сурхондарё туманларида ҳокимлар ўзгариши: яна 8 та туманга янги раҳбар тайинланди

Сурхондарё вилоятининг яна 8 та туманида янги ҳокимлар иш бошлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Денов, Олтинсой, Бойсун, Бандихон, Шеробод ва Қизириқ туманларига янги ҳокимлар тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Сариосиё тумани
Халқ депутатлари Сариосиё тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияда шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Абдисалом Хўжақулов вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Абдуқодир Донаев тасдиқланди.
Абдуқодир Донаев 1981 йил 8 августда Музработ туманида туғилган. 2005 йил Тошкент давлат юридик институтини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги ҳуқуқшунос.
Донаев 2005-2022 йилларда Прокуратура органларида турли лавозимларда фаолият юритган.
2022 йилдан буён Тошкент шаҳар Яшнобод тумани прокурори лавозимида ишлаб келаётган эди.
Узун тумани
Халқ депутатлари Узун тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияда шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Баҳром Турсунов вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Ҳабибулла Бозоров тасдиқланди.
Ҳабибулла Бозоров 1980 йил 3 апрелда Ангор туманида туғилган. 2003 йил Ички ишлар вазирлиги академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги ҳуқуқшунос.
Бозоров 2003-2022 йилларда Ички ишлар органларида турли лавозимларда фаолият юритган.
2022 йилдан буён Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Денов тумани
Халқ депутатлари Денов тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида
шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Абдумалик Алламурадов вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Илҳом Аброров тасдиқланди.
Илҳом Аброров 1971 йил 3 июлда Денов туманида туғилган. 1995 йил Тожикистон давлат университети, 2008 йил Давлат ва жамият қурилиши академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги бухгалтерия ҳисоби, давлат ва жамият қурилиши.
Аброров 1997-2020 йилларда маҳаллий ҳокимликлар ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида турли лавозимларда фаолият юритган.
2020 йилдан буён Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Олтинсой тумани
Халқ депутатлари Олтинсой тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Алишер Жумаев вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Баҳром Махматраимов тасдиқланди.
Баҳром Махматраимов 1974 йил 7 июнда Денов туманида туғилган. 2000 йил Термиз давлат университети, 2006 йил Банк-молия академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги автотранспорт корхоналари менежери, солиқлар ва солиққа тортиш.
У 1996-2021 йилларда Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Ҳисоб палатасида турли лавозимларда фаолият юритган.
2021 йилдан буён Кинематография агентлиги бош директорининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Бойсун тумани
Халқ депутатлари Бойсун тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Асқарали Жўраев вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Баҳодир Шукуров тасдиқланди.
Баҳодир Шукуров 1973 йил 1 январда Бойсун туманида туғилган. 1995 йил Тошкент давлат университети, 2004 йил Тошкент давлат юридик институти, 2006 йил Давлат ва жамият қурилиши академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги физик, ҳуқуқшунос.
Шукуров 1994-2022 йилларда Экология давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ва Олий Мажлис Сенатида турли лавозимларда фаолият юритган.
2022 йилдан буён Вазирлар Маҳкамасининг Экологик назорат бўлими мудири лавозимида ишлаб келаётган эди.
Бандихон тумани
Халқ депутатлари Бандихон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Чориев Ўткир Абдузоирович вазифасидан озод этилди.
Абдумалик Алламурадов Бандихон тумани ҳокими лавозимига тайинланди.
Абдумалик Алламуродов 1977 йил 17 апрелда Термиз туманида туғилган.
У 2000-2022 йилларда Адлия, Прокуратура, Ички ишлар органлари, Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда ишлаб келган.
Тайинловга қадар Алламурадов Денов тумани ҳокими лавозимида фаолият юритган.
Шеробод тумани
Халқ депутатлари Шеробод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Зиядулла Давлатов вазифасидан озод этилди.
Туман ҳокими лавозимига Зайнобиддин Халилов тасдиқланди.
Зайнобиддин Халилов 1973 йил Сариосиё туманида туғилган. У 2006-2022 йилларда монополия, қурилиш вазирлиги, рақобат қўмитаси, ҳисоб палатасида турли лавозимларда фаолият юритган. 2022 йилдан буён Ҳисоб палатасининг шўъба мудири лавозимида ишлаб келаётган эди.
Қизириқ тумани
Халқ депутатлари Қизириқ тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Рустам Пардаев вазифасидан озод этилди.
Туман ҳокими лавозимига Шерзод Ражабов тасдиқланди.
Шерзод Ражабов 1984 йил Қизириқ туманида туғилган. Ражабов 2008-2021 йилларда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, “Ўзвиносаноат-холдинг” АЖ, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигида турли лавозимларда фаолият юритган.
2021 йилдан буён Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги директорининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Ангор, Термиз, Жарқўрғон, Музработ ва Шўрчи туманларига янги ҳокимлар тайинлангани хабар қилинган эди.