ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Бишкекда бўлиб ўтаётган "Қирғизистон – Ўзбекистон" бизнес-форумида 1,6 млрд долларлик 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.
Айни вақтда "Қирғизистон – Ўзбекистон" бизнес-форуми ўз ишини давом эттирмоқда. Унда Вазирлар Маҳкамаси раиси – Қирғизистон президенти Администрацияси раҳбари Оқилбек Жапаров йиғилганларга табрик сўзи билан мурожаат қилди.
У мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари юқори даражада эканини таъкидлади.
В Бишкеке открылся бизнес–форум "Кыргызстан - Узбекистан"
© Pulatov
"Мамлакатларимиз кенг қамровли савдо-иқтисодий ҳамкорликка эришиш учун бой салоҳиятга эга эканлигини таъкидламоқчиман. Умид қиламанки, форум самарали бўлиб, мамлакатларимиз ўртасидаги тўлақонли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ишончим комилки, эришилган келишувларнинг амалга оширилиши яқин келажакда икки давлатнинг савдо-иқтисодий кўрсаткичларига таъсир қилади", — деди Оқилбек Жапаров.
Бизнес-форум Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи доирасида ўтказилмоқда.
Тадбирнинг очилиш ва ҳужжатлар имзоланиш маросимидан сўнг “Иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари”, “Ишбилармон ҳамкорлик ва экспорт” мавзуларида ялпи мажлислар, шунингдек, “Минтақавий интеграция ва иқтисодий ривожланиш” мавзуларида давра суҳбати ўтказилади.
Куннинг иккинчи ярмида B2B учрашувлари ва Қирғизистон-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади.