Ўзбекистонлик шахматчилар халқаро турнирда пешқадамликни мустаҳкамлашди

Айни кунларда Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича нуфузли “Tata Steel Chess-2023” турнири давом этмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Нидерландия мезбонлик қилаётган "Tata Steel Chess-2023" шахмат мусобақасида ўзбекистонлик шахматчилар пешқадамликни мустаҳкамлашди. Бу ҳақда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги маълум қилди.
Турнирнинг “Мастерс” гуруҳида 10-тур доирасида Нодирбек Абдусатторов дунё шахмат рейтингида 2-ўринни банд қилган хитойлик Динг Лирен билан дуранг натижа қайд этди.
Дуранг натижа қайд этган Абдусатторов 7 очко билан пешқадамлигини сақлаб қолди. Нидерландиялик Аниш Гири АҚШ гроссмейстери Уесли Со билан дуранг ўйнади ва 6,5 очко билан иккинчи ўринда қолди.
“Челленжер” гуруҳида 10-турда Жавоҳир Синдаров (2654) ҳам дуранг натижа қайд этди. У нидерландиялик Эрвин Л’Амига қарши қора доналарда ўйнаб, муроса кўчасини танлади. Ҳозирча Жавоҳир 6,5 очко билан турнир жадвалида 3-ўринга кўтарилиб олди.