ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Яқин келажакда Ўзбекистон ва Қирғизистон товар айирбошлаш ҳажми миллиардлаб долларга етади. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров Бишкекда бўлиб ўтаётган бизнес форумда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2022 йилнинг 11 ойи давомида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 543,2 миллион долларни ташкил этган. 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга ўсган.
"Албатта, бу стратегик ҳамкорларнинг ўзаро савдоси учун чегаравий кўрсаткичлар эмас. Умид қиламанки, яқин келажакда товар айирбошлаш ҳажми миллиардлаб долларга етади. Мамлакатларимиз ишлаб чиқарувчилар, ишлаб чиқарувчилар уюшмалари, савдо-саноат палаталари ва бошқа хўжалик бирлашмалари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришимиз зарур”, - дейди Жапаров.
Таъкидланишича, ҳамкорлик механизмларини самарали шакллантириш, бюрократияни минималлаштириш ва ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш, товарлар ва сармояларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш зарур.
Ҳозирда Қирғизистонда Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 60 та корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг, 22 таси қўшма корхона ва 38 таси тўлиқ Ўзбекистон капитали иштирокида ташкил этилган.
“Биз Қирғизистон иқтисодиётини ривожлантиришга инвестициялар, илғор технологиялар ва ўзбек компаниялари бошқарувини жалб қилишдан манфаатдормиз", - дея қўшимча қилди Оқилбек Жапаров.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Қирғизистон учун ишончли қўшни, қардош давлат ва стратегик шерикдир. Бугунги кунда мамлакатлар ўртасида юқори даражадаги стратегик ҳамкорлик ўрнатилган, конструктив ва ишончли мулоқот йўлга қўйилган.