ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Интернетда наркотик моддалар рекламаси жойлаштирилган 1 300 дан ортиқ ресурслар ўчирилди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, наркотик моддалар рекламаси жойлаштирилган манзил ҳақида хабар қабул қилувчи телеграм-бот ишга туширилганидан сўнг, унга жамоатчилик томонидан кўплаб маълумотлар келиб тушмоқда.
Бу маълумотлар асосида АОКА ва ИИВ органлари билан ҳамкорликда тегишли ўрганишлар олиб борилди.
Натижада шу кунга қадар ижтимоий тармоқларда наркотик моддалар рекламаси, манзили ҳақида маълумот берувчи 1 300 дан ортиқ ресурс фаолияти тўхтатилди.
Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ бўлган Telegram каналлар ва ботларни реклама қилувчи деворий ёзувлари (граффити)ни тезкорлик билан олиб ташлаш чораларини кўрмоқда.
Бу бўйича ўтган йили жами 2962 та "нарко-граффити"лар аниқланиб, бартараф этилди.
Хабарда наркотик моддалар рекламаси жойлаштирилган барча маълумотларни @stopnarko_bot га юбориш сўралмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил АОКА ҳамда Ички ишлар вазирлиги янги телеграм ботни ишга туширган эди. Мазкур бот орқали наркотик моддалар рекламаси жойлаштирилган манзил ёки локация координаталари ҳақида тезкор хабар юбориш мумкин. Олинган маълумотдан ички ишлар органлари хабардор қилинади ва наркотиклар рекламаси ўчирилади.