ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Ўзбекистон 2022 йилда хориждан қиймати 69,8 миллион долларга тенг бўлган 2 180 дона электромобиль импорт қилган. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.
Электромобиллар импорти 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 1371 тага ошган.
Ўзбекистон 2022 йилда энг кўп электромобиль импорт қилган давлатлар:
Хитой – 1 941 дона;
БАА – 111 дона;
Германия – 58 дона.
Шунингдек, Гонконгдан 42 дона, Литвадан 10 дона, Кореядан 7 дона ва бошқа давлатлардан 11 дона электромобиль импорт қилинган.
Айтиш жоизки, Ўзбекистонда электромобиллар импорти суръати ўсиши бир неча йилдан буён кузатилмоқда. Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистонга қиймати 16,9 млн долларга тенг бўлган 809 та электромобиль импорт қилинган эди. Бу 2020 йилга нисбатан 679 тага ёки 6,2 бараварга кўп.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ электромобиль тармоғини ривожлантириш учун қатор енгилликлар берилиши хабар қилинган эди. 2023-2025 йилларда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналарнинг электромобиллар харид қилиши ҳам қўллаб-қувватланади. Электромобилларда йўловчи ташиш хизмати кўрсатувчи шахсларга лицензия учун давлат божи тўлашда енгиллик берилади.