ТОШКЕНТ, 26 янв – Sputnik Владимир Зеленскийнинг Ғарбнинг танклар билан таъминлашга қароридан кейин ракета ва самолётлар етказиб бериши ҳақидаги илтимослари Вашингтон томонидан ўрнатилган қоидаларга кўра содир бўлмоқда, дейди ҳарбий эксперт Алексей Леонков РИА Новости агентлигига.
Аввалроқ Зеленский НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан бўлган суҳбатда Украинага узоқ масофага учадиган ракеталар етказилиши зарурлиги ва Киевга самолётлар кераклигини айтган эди. Украина мудофаа вазири ёрдамчиси Юрий Сакнинг аниқлик киритишича, айнан қирувчи самолётлар керак. Бунга қадар "Hill" нашри Зеленский АҚШнинг Қримга ҳужум қилиш учун техникалар етказиб беришга тайёр эмаслигидан норози, деб ёзган эди.
“Зеленскийнинг барча баёнотлари – унинг мустақил фикрлари ва хулосалари эмас. Улар АҚШ ва унинг НАТО бўйича иттифоқдошларининг қарорларига боғлиқ. Агар Вашингтонда қурол етказиш ҳақида қарор йўқ бўлса, Зеленский нолийди, ўтиниб сўрайди, таҳдид қилади. Қарор қабул қилинса, у янада кўпроқ сўрашни бошлайди”, - дейди Леонков
Экспертнинг сўзларига кўра, аввалроқ Қримни қайтариш ҳақидаги ва шунга ўхшаш баёнотлар ҳам ушбу стандарт бўйича ва “Вашингтон обкоми”да унга ўрнатилган парадигма доирасида айтилган.
Унинг эслатишича, яқинда бўлиб ўтган Рамштейн-8 учрашувида АҚШ мудофаа вазири Ғарб техникасини етказиб бериш эвазига Украина армияси сезиларли муваффақиятларга эришса, масалан, Қримга қуруқлик йўлагини кесиб ташласа, яхши бўларди, деб таъкидлаган. “Тушунарлики, Зеленский бунга оғиб, дарҳол ҳа, биз ёриб ўтамиз, аммо бизга самолётлар, ракеталар, яна артиллерия беринглар, деган баёнот билан чиқади”,- дейди эксперт.
“Агар АҚШ “биз Қримни қайтармаймиз” деб чиқса, Зеленский ҳам “Қримни қайтармаймиз, бошқа натижаларга эришамиз” деб чиқади. Чунки дум итни қимирлатмайди, ит думни қимирлатади”, - дейди мутахассис.