ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Ўзбекистондан қамалдаги Ленинград аҳолиси бўлган уч нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийси 26 январь куни Ленинград фашистлар қамалидан тўлиқ озод қилинганининг 79 йиллигига бағишланган расмий шаҳар тадбирларида иштирок этиш учун Санкт-Петербургга боради.
Улар: Валерия Саприко, Юрий Смолич ва Тамара Циглинцева.
Циглинцева биринчи кундан охирги кунгача қамал қилинган шаҳарда қолган кам сонли блокадачилардан биридир. Тамара Циглинцева оиланинг тўнғич қизи бўлган. У блокадага етти ёшлигида гувоҳ бўлган. Қизалоқ биринчи қўнғироқ ва мактабга тайёргарлик ўрнига, Улуғ Ватан уруши бошланганини эълон қилган қора радиотарелкани эслайди. Даҳшатли хабарни катта беш хонали коммунал квартирада яшовчи барча, шу жумладан Тамара Циглинцева ҳам эшитди. Кейин эса ўлим “ташриф буюрди”.
“Аввал укам вафот этди, ҳали гўдак эди. Онамда сут қочди. Ундан кейин уч ёшли синглим. Кейинги навбатда мен эдим”, - дейди Циглинцева.
Тамаранинг ўгай отаси фронтга кетди, у эса онаси билан катта квартирада ёлғиз қолди. Заиф, ўлим ёқасидаги қиз деярли ҳаракатсиз ётар ва охири йўқ ҳаво ҳужуми сигналларини тингларди.
“Биз Васильевский оролида яшардик ва уйимизга Қора дарё яқин эди. Онам сув олиб келади, хонага челак қўяди ва сув дарҳол муз қобиғи билан қопланади. Деворлар эса қировдан ялтирайди”, - деб эслайди Тамара Циглинцева.
У онасининг ўзи ва қизини овқатлантиришга қандай ҳаракат қилганини ҳам эслади.
“У хаёлпараст эди! Дурадгорлик елимидан атала, хантал кукунидан бўтқа тайёрларди”, - дейди Тамара Циглинцева.
Тамара Петровнанинг ўгай отаси Ленинград фронтида партизан бўлган. У дўсти билан дарёни кесиб ўтаётганида ўлар даражада яраланган. Дўсти тирик қолган, аммо шифохонага ётқизилган. У тузалиб, дўстининг оиласидан хабар олиш учун келган. Дўстининг хотини ва қизи қандай яшаётганини кўриб, у ҳарбий комиссариатга борган ва “Партизаннинг оиласи ўлмоқда! Ёрдам беринг!” деган.
“Ва бизга ёрдам беришди. Онамга “Кухня” фабрикасидан иш топиб беришди”, - дейди Тамара Петровна.
Она қизига қатиқ, кейин эса бўтқа олиб кела бошлаган. Қизалоқнинг ҳолати яхшиланган. Сентябрда эса ниҳоят мактабга, биринчи синфга борган.
Тамара Циглинцева еттинчи синфни тугатиб, полиграфия техникумига ўқишга кирган. Унинг касбига Тошкентда талаб кучли бўлган ва тақдир тақозоси билан у нон шаҳрига келиб қолган. Бу 1954 йилга тўғри келган.
Энди Циглинцева ва Ўзбекистонда яшовчи бошқа қамалдан омон қолганлар яна Санкт-Петербургга боради. Шунингдек, 26—29 январь кунлари Санкт-Петербургга нафақат Ўзбекистондан, балки Aрманистон, Беларусь, Болгария, Германия, Исроил, Қирғизистон, Латвия, Литва, Эстониядан ҳам қамалдаги Ленинград аҳолиси бўлган элликдан ортиқ Улуғ Ватан уруши фахрийлари боради.