Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи

Олти йилда 8 баравар ўсди: ўзбек-қирғиз муносабатлари ҳақида

Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг савдо иқтисодий алоқалари қандай ривожланмоқда? Икки республика биргаликда қандай қўшма лойиҳаларда иштирок этмоқда? Батафсил Sputnik мақоласида.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 янв – Sputnik. Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари 2017 йилдан буён ўзгача суръатда ўсиб келмоқда ва ўсиш нафақат иқтисодий, балким ижтимоий ва маданий соҳаларда ҳам кўзга ташланмоқда.

Ён қўшнинг - жон қўшнинг

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг узунлиги 1,38 минг км бўлган чегара чизиғида бирорта ҳам баҳсли ёки келишилмаган бўлак қолмади. Ўзаро чегаранинг 100% делимитация ва демаркация қилинди. Бунга эриши учун нафақат дипломатия, балким икки томондан ҳам бир-бири томон қўйилган қадамлар, ўзаро қўшничилик муносабатларини яхшилашга ва ривожлантиришга бўлган интилиш сабаб бўлди.
Чегара муаммолари ҳал бўлган замон иқтисодий муносабатлар, чегараолди савдоси ва ўзаро туризм илдам ривожлана бошлади.
Масалан ўтган йилда ўзбекистонликлар туризм мақсадида энг кўп ташриф бурган давлат Қирғизистон бўлди - 2,4 млн киши, иккинчи ўринда Қозоғистон - 1 млн киши.

Ўзаро савдо ва инвестициялар

Қирғизистон ва Ўзбекистон орасида ўзаро савдо-сотиқ сўнгги 6 йил ичида 8 бараварга ўсиб, 2022 йил якунлари бўйича 1,3 миллиард долларни ташкил қилди. Бугун икки республика ушбу кўрсаткични яқин келажакда 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилишган.
Ўзбекистонда Қирғизистоннинг капитали иштирокидаги 320 та корхона фаолият кўрсатмоқда, 2023 йил 1 январь ҳолатига. Улардан 66 таси 2022 йилда ташкил этилган.
Қирғизистонда Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 60 та корхона фаолият юритмоқда. Улардан 22 таси қўшма корхоналар, 38 таси тўлиқ Ўзбекистон капитали иштирокидаги корхоналардир.
Транспорт соҳасида 2022 йилда халқаро юк ташиш ҳажми 5 миллион тоннани (+40,3 фоиз) ташкил этди. Ундан 1,9 млн. тонна - темирйўл транспорти, 3 млн тонна - автомобил транспорти.
Ундан ташқари, бугунги кунда Ўзбекистон тижорат автомобиллари ва енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, йигирув ва тўқимачилик корхоналарини қуриш ва кенгайтириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Қўшма лойиҳаларда иштироки

Қамбарота-1 ГЭС. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон қўшма инвестициялар ҳисобидан ушбу ГЭСни қуришга келишиб олишди, 2023 йил 6 январь.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли. Айни дамда хитойлик мутахассислар ушбу лойиҳа бўйича дала ишларини якунлашган. Бишкекда лойиҳа офиси очилган.
“Когарт” кичик ГЭС. Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара яқинида қуввати 6,7 МВт бўлган “Когарт” кичик ГЭС қурилиши ҳақида 2022 йилнинг 18 октябрида келишиб олишди;
ЕОИИ доирасида ҳамкорлик. Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи мақомида қўшилганидан сўнг ушбу Иттифоқ давлатлари, жумладан, Қирғизистон билан ҳам иқтисодий муносабатлар илдам ривожланиб келмоқда. 2022 йилда Ўзбекистон ташқи савдосида ЕОИИ улуши 35%ни ташкил қилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон қўшма инвестиция фонди. Ўзбекистон ва Қирғизистон вазирликлари томонидан 2021 йилнинг 11 мартида “Ўзбекистон – Қирғизистон қўшма инвестицион фонди” ташкил қилишга келишиб олишган эди. Унинг дастлабки ҳажми 50 млн доллар, бўлиши ва келажакда 200 млн долларга етказиш мақсад қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26-27 январь кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлади.