ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бухоро вилоятида “Цинепар” сиропини ичган 23 нафар бола вафот этгани ҳақида хабарлар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга зид эканлигини маълум қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда шунга ўхшаш хабарлар тарқалганди.
Вазирлик хабарига кўра, ўрганишлар давомида вилоятдаги тиббиёт муассасаларида даволанган болаларда ушбу препаратни қабул қилиш туфайли ҳеч қандай ўлим ҳолати кузатилмаган.
Шу билан бирга, фуқароларга ҳар қандай дори воситасидан шифокор кўрсатмасисиз ва ўзбошимчалик билан фойдаланмаслик зарурлиги эслатилган.
Ўз навбатида, Бош прокуратура ҳам бу хабарларга муносабат билдириб, аҳоли орасида ёлғон, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини эслатган.