“Тошкент иссиқлик маркази” давлат унитар корхонаси МЧЖга айлантирилмоқда

"Иссиқлик электр станциялари" АЖга Тошкент шаҳрида аҳолига ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун ўз вақтида сифатли иссиқлик энергиясини узатиш вазифаси юклатилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. Ҳукумат қарори билан “Тошкент иссиқлик маркази” давлат унитар корхонаси масъулияти чекланган жамиятга (МЧЖ) айлантирилади. Тегишли қарор 13 январь куни қабул қилинган.
2023 йил 1 февралга қадар Жамият устав капиталидаги улушни қолдиқ (баланс) қийматда "Иссиқлик электр станциялари" АЖга унинг устав фондидаги давлат улушини ошириш ҳисобига берилади.
Жамият "Тошкент иссиқлик маркази" ДУКнинг шартномалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.У Тошкент шаҳрида аҳолига ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун ўз вақтида сифатли иссиқлик энергиясини узатиш вазифасини ҳал қилади.
1 мартга қадар қозонхоналарни ДХШ асосида, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда босқичма-босқич реконструкция қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги 2023 йил 1 апрелга қадар республикадаги иссиқлик марказлари фаолиятини ўрганиб чиқиб, иссиқлик марказларини 2023 йил 1 июндан бошлаб босқичма-босқич "Иссиқлик электр станциялари" АЖга бериш, иссиқлик узатиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва уларни кейинчалик эксплуатация қилиш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади.