Савдо-саноат палатаси ваколатлари кенгайтирилди

Савдо-саноат палатаси фаолияти янада такомиллаштирилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига қўшимча ваколатлар берилди. Бу президент 23 январь куни имзолаган “Савдо-саноат палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорда кўзда тутилган.
Ҳужжат билан палатага қуйидаги ваколатлар берилди:
Ҳукуматга ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, бизнеснинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган ёки уни чеклаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, уларни бекор қилиш тўғрисидаги кўриб чиқилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш;
палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб Олий судга ариза бериш ҳамда иқтисодий, маъмурий, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриб чиқиш юзасидан шикоят киритиш;
тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни тўғридан-тўғри бош вазирга киритиб бориш;
Ўзбекистон Олий Мажлиси, президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идораларда, шунингдек, халқаро ташкилотларда тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ифодалаш;
тадбиркорликни ривожлантириш, республиканинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган бизнес вакиллари ва бошқа шахсларни мукофотларга тавсия қилиш.
Шунингдек, у маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқа ҳудудий давлат органларига ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган.
2023 йил 1 февралдан бошлаб микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари палата аъзолигига, аъзолик ва кириш бадалларидан озод қилинган ҳолда текин қабул қилинади. Қонунда назарда тутилган аъзолик билан боғлиқ палата хизматларидан тўлақонли фойдаланиш ҳуқуқига эга, палата томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган қўшимча пуллик хизматлар бундан мустасно.