ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) кўп қутбли дунёнинг қудратли қутбларидан бири бўлиш учун барча имкониятларга эга. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин ЕОИИга аъзо давлатлар раҳбарига йўллаган мурожаатида маълум қилди.
“Шубҳасиз, Иттифоқнинг шаклланаётган кўп қутбли дунёнинг қудратли, мустақил ва ўзини ўзи таъминлай оладиган қутбларидан бири бўлиш, қадриятларимизни баҳам кўрадиган ва ЕОИИ мустақил давлатлари билан ҳамкорлик қилишга интилаётган барча учун ўзига тортиш маркази бўлиши учун ҳамма имкониятлари мавжуд”, - дейилади Кремль сайтида чоп қилинган мурожаатда.
Россия раҳбари ЕОИИ ташкил топгандан буён ишончли равишда ривожланаётгани, ўзининг самарадорлиги ва унга талаб юқори эканини кўрсатаётганини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, ушбу даврда иттифоққа аъзо давлатларнинг ўзаро савдосининг мутлақ ҳажми 60 фоизга ошди ва 2021 йилда тарихий максимум 73,1 миллиард долларни ташкил этди. Ташқи савдо ҳажми 46 фоизга ўсиб, 846,3 миллиард долларни ташкил этди.
“Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 28,7 фоизни ташкил этди ва миллий валютадаги тўловлар улуши 75 фоизга яқинлашди”, - дея қайд этган Путин.
Россия президенти, шунингдек, иттифоқнинг ташқи шериклар билан ҳамкорлиги муҳимлиги ва учинчи давлатлар билан эркин савдо шартномаларининг ижобий таъсирини таъкидлади.
Иттифоқ 2014 йилда Россия, Беларусь ва Қозоғистон ўртасида тузилган шартнома асосида ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Бу иттифоққа 2015 йилда Арманистон ва Қирғизистон аъзо бўлган, Молдова ва Куба кузатувчи мақомига эга. Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олган эди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ЕОИИга аъзо мамлакатлар капитали иштирокидаги корхоналар сони сезиларли даражада ошди. Уларнинг сони 4,5 мингга етди.
ЕОИИнинг мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини юксалтириш борасида барқарор ривожланиш учун шароитлар яратиш, товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперацияни ривожлантиришдан иборат.