Электрдан қарзи бор истеъмолчилар 27 январдан бошлаб тармоқдан узилади

27 январдан бошлаб электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) қайта ишга туширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. Жорий йилнинг 27 январь кунидан бошлаб электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) қайта ишга туширилади. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маълум қилди.

“Мазкур тизимнинг қайта ишга туширилиши натижасида қарздорлик туфайли хонадонингизда электр энергияси таъминотида узилишлар бўлишини олдини олиш мақсадида фойдаланилган электр энергияси учун мамлакатимизда мавжуд тўлов тизимлари (Click, Payme, Paynet) ҳамда банкларнинг мобил иловалари орқали уйдан чиқмасдан туриб тўловларни амалга ошириш имконияти мавжудлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз”, - дейилади хабарда.

Қарздорлиги мавжуд истеъмолчилар автоматик тарзда тармоқдан узилади.
Эслатиб ўтамиз, 15 январь куни Энергетика вазирлиги совуқ кунларда истеъмолчилар электр бўйича қарздорлик учун тармоқдан узилмаслигини маълум қилган эди.