Бу қизиқ

Болалардаги аденоид касаллигини ўз вақтида даволамаслик нималарга олиб келади

Аденоид бурун-ҳалқум бўшлиғида жойлашган бодомсимон (муртак) безнинг катталашувидир.
Sputnik
Боланинг соғлом улғайиши алоҳида парваришни талаб этади. Бироқ баъзан бу ишга масъулият билан ёндашилса-да, уларда шамоллаш ёки гриппга чалиниш ҳолатлари кўп учрайди. Айниқса, қишнинг совуқ кунларида бу ҳолат тез-тез такрорланиши ота-оналарни ташвишга солиши аниқ.
Шифокорларнинг таъкидлашича, ёш болаларда ушбу ҳолат кўпинча аденоид касаллиги сабабли қайталанади.
“Аденоид – бурун-ҳалқум бўшлиғида жойлашган бодомсимон (муртак) безнинг катталашуви, — дейди олий тоифали шифокор Равшанбек Умаров. — Унинг асосий вазифаси танани турли бактерия ва вируслардан ҳимоялашдир”.
Бу без инфекцияларга қарши курашиш учун кўплаб иммунитет ҳужайралари ишлаб чиқариши оқибатида катталашиб боради. Вирус ёки бактериялар йўқолиши билан яна ўз ҳолига қайтади.
Бодомсимон без тўқималарининг патологик ўсиши одатда мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларда кўп учрайди. Унинг келиб чиқишига асосан турли юқумли касалликлар – қизамиқ, дифтерия, ангина, грипп, кучсиз иммунитет ва аллергияга мойиллик сабаб бўлади. Баъзида ирсий омиллар ҳам аденоид ривожланишига замин яратади.
Касаллик пайтида бурун йўли беркилиб, бола асосан оғиздан нафас олади. Бу эса организмда кислород етишмаслигига олиб келади. Тез-тез шамоллаш, ҳолсизлик, уйқусизлик, ҳид билиш ва эшитиш қобилиятининг пасайиши, ютиниш билан боғлиқ муаммолар, талаффуздаги ўзгаришлар, ухлаганда хуррак отиш ҳамда юқори жағ тишларининг нотўғри ривожланиши ҳам аденоид аломатлари бўлиши мумкин.
Агар хасталик ўз вақтида даволанмаса, нафас олиш функцияси ва мияда қон айланиши бузилади. Хотира заифлашиб, неврологик ва психик ўзгаришларга олиб келади. Шунингдек, камқонлик, гайморит, фронтит каби нафас йўллари касалликлари, йирингли отит ҳам аденоид асоратларидир.
Шу сабабли бу касалликка эътиборсиз бўлиш ярамайди. Бунинг учун ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш зарур