Тошкентда туғилганликни тиббиёт муассасалари орқали қайд этиш тартиби жорий этилди

Янги тартиб 1 июндан бутун республика ҳудудида жорий этилиши белгиланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Тошкент шаҳрида туғилганликни тиббиёт муассасалари орқали ФҲДЁ бўлимларида қайд этиш тартиби жорий этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати Sputnik мухбирига маълум қилди.
Қайд этилишича, эндиликда Ҳукуматнинг 540-сонли қарорига асосан туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун ФҲДЁга бориш шарт бўлмайди. Мазкур тартиб 1 июндан бутун республика ҳудудида жорий этилиши белгиланган.
Эндиликда бола туғилиши билан, тиббиёт муассаса у ва ота-онаси ҳақидаги маълумотлар, бола рўйхатга қўйиладиган поликлиника ва ички ишлар бўлими, навбатга қўйиладиган давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳақидаги маълумотларни махсус электрон бланкага киритади ва автоматик равишда ФҲДЁ бўлимига ахборот тизими орқали юборади.
ФҲДЁ бўлими туғилганликни қайд этади ва QR-код (матрик штрихли код) қўйилган туғилганлик ҳақидаги маълумотномани тиббиёт муассасасига юборади. Муассасалар ушбу маълумотнома боланинг ота-онасига тақдим этади.
Ушбу маълумотнома туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қабул қилишни рад этиш қатъиян тақиқланади.
Туғилганлик ҳақидаги гербли гувоҳнома фуқароларнинг исталган вақтдаги мурожаатларига асосан ФҲДЁ бўлимлари томонидан экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб берилади.
Маълумот учун, оталик белгилаш ва ёлғиз она аризасига асосан туғилишни қайд этишда ҳамда топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилишини қайд этишда бевосита ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиниши лозим.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб янги туғилган болаларни рўйхатга олиш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилди.
Мазкур тартиб ФҲДЁ бўлимларида ҳужжат олиш учун навбатда туриш, қабул қилиб олинган гувоҳномани яна туғруқхонага олиб бориш жараёнига чек қўяди.