ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. “Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда ҳукумат томонидан қабул қилинган 21-сонли қарорда назарда тутилган.
Тўмарис издошлари жамоавий гуруҳлари 1 июндан Ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузурида ташкил этилади.
Мазкур гуруҳларнинг асосий вазифаларидан бири ўрта, қизларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши билан боғлиқ масалаларни аниқлашда кўмаклашиш ҳисобланади.
Гуруҳлар республиканинг барча ҳудудларида 2 ёки 3 нафардан шакллантирилади.
Гуруҳ аъзолари 1 йил давомида ўқиш ва иш жараёнига салбий таъсир этмаган ҳолда умумий 360 соат вақт мобайнида фаолият олиб боради.
“Тўмарис издошлари” жамоавий гуруҳлари аъзоларига ОТМга саралашнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтганидан сўнг тест синовларисиз квота асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилади.
Тавсиянома берилган номзодлар сони белгиланган квотадан кўп бўлган тақдирда, уларни ўқишга қабул қилиш танлов натижалари бўйича тўпланган баллардан келиб чиқиб, ажратилган қабул квоталари доирасида кетма-кетлик тартибида тақсимланган ҳолда амалга оширилади.
Гуруҳларга аъзо бўлмоқчи бўлган ёшлардан аризалар қуйидагилар томонидан қабул қилинади:
Ички ишлар органлари;
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати;
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси.
Гуруҳларга ёши 18 дан кичик ва 30 дан катта бўлмаган, умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотли, бириктирилган ҳудудда доимий яшовчи ҳамда мулоқотга киришувчан ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизлар кўнгилли асосда жалб қилинади.