Ўзбекистонда БАА билан ҳамкорликда замонавий оқова сув тозалаш иншоотлари қурилади

Табиат ресурслари вазирлиги БАА компанияси билан Сурум оқова сув тозалаш иншоотини қуриш бўйича амалга ошириладиган лойиҳа доирасида ишлаб чиқиладиган техник-иқтисодий асослар муҳокама қилиб олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Ўзбекистонда БАА билан ҳамкорликда замонавий оқова сув тозалаш иншоотлари қурилади. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги хабар берди.
Вазирликда Бирлашган Араб Амирликларининг “Abu Dhabi Sewerage Services” компаниясининг лойиҳалаш бошқармаси ва маслаҳат кенгаши вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Сурум оқова сув тозалаш иншоотини қуриш бўйича амалга ошириладиган лойиҳа доирасида ишлаб чиқиладиган техник-иқтисодий асослар муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, ҳозирда Тошкентдаги Бектемир ва Салар оқова сув тозалаш иншоотларини пойтахтдан ташқарига кўчириш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида янги замонавий оқова тозалаш станциясини қуриш, Бектемир, Сергели, Яккасарой, Янгиҳаёт туманлари аҳолиси ва саноат корхоналаридан ҳосил бўлаётган оқова сувларни тозалаш, оқова тармоқлари хизмати билан қамраш учун оқова сув тармоқлари қурилиши бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.
“Эндиликда Ўзбекистон БАА компаниясининг сув стандартларини аниқлашда техник тадқиқотлар ўтказиш ва оқова сувларни тозалаш меъёрлари бўйича қўлланиб келинаётган бой тажрибасидан фойдаланади”, дейилади хабарда.
Учрашувда бу борада ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили “Ўзсувтаъминот” ва БАА компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди. Мемарандум Тошкент шаҳрининг оқова сув тизимини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутади.
Лойиҳа доирасида Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани "Сурум" МФЙ ҳудудида кунлик қуввати 1 миллион метр кубдан зиёд бўлган замонавий оқова сув тозалаш иншооти қурилади.
Янги оқова сув иншоотининг биринчи босқичи якунланганидан сўнг Сергели, Бектемир ва Янгиҳаёт туманларидаги 400 мингдан ортиқ аҳоли, корхона ва ташкилотлар марказлашган оқова сув хизмати билан қамраб олинади.