ОИВ инфекциясига қарши курашиш янада кучайтирилади – янги қарор

Президент ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини оширишга оид янги қарор имзолади - тафсилотлар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Ўзбекистонда ОИВ инфекциясига қарши курашиш мақсадида давлаб бюджетидан 120 млрд сўм, халқаро ташкилотлар жамғармасидан 54 млн доллар ажратилади. Бу ҳақда 20 январь куни президент томонидан имзоланган қарорда назарда тутилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун "95-95-95" стратегияси олға сурилган. Унинг доирасида ОИВ инфекцияли шахсларнинг 95 фоизи ўз мақомини билишлари, 95 фоизи махсус даволаш курслари билан қамраб олинишлари ҳамда 95 фоизи қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишига эришиш мақсади белгиланган.
Ҳозирда ОИВ инфекцияли шахсларнинг 85 фоизи ўз мақомини билади, ретровирусга қарши махсус терапия билан даволаш қамрови 79 фоизни, вирус юкламасининг пасайиши 74 фоизни ташкил этади.
Мазкур стратегияга мувофиқ тадбирларни амалга ошириш мақсадида Аҳоли орасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир 2023–2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ушбу Дастурни амалга ошириш учун 2023–2027 йилларда жами 120 млрд сўм ва 54 млн доллар йўналтирилади.
Давлат бюджетидан 110 млрд сўм ва 28 млн доллар;
ОИТСга, сил касаллигига ва безгакка қарши курашиш Глобал жамғармаси маблағлари ҳисобидан 18 млн доллар;
Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг қарз маблағлари ҳисобидан 7,5 млн доллар;
Халқаро ташкилотлардан 9,5 млрд сўм грант маблағлари.
ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида бир қатор игоар амалга оширилади.
Унга кўра:
ҳар йили камида 3 млн аҳоли текширувлар билан қамраб олинади ва бунинг учун 11,4 млн дона диагностик тест-тизимлари (экспресс, ИФА тестлари) харид қилинади;
ОИТСга қарши кураш марказлари ОИВ инфекцияси диагностикаси ва даволаш самарадорлигини мониторинг қилиш учун зарур 587 мингта диагностик воситалар (иммуноблот, ПЗР ва СД4) билан таъминланади;
50 минг нафар аҳолини махсус даволаш курслари билан қамраб олиш учун 22 турдаги ретровирусга қарши дори воситалари харид қилинади;
ОИВ инфекциясини онадан болага юқишига барҳам бериш мақсадида ОИВ инфекцияли оналардан туғилган 2 минг нафардан ортиқ 6 ойгача бўлган болалар қуруқ сут аралашмаси билан таъминланади.
Шунингдек, 1 июнга қадар Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2023 йил якунига қадар бошқа ҳудудларда ФҲДЁ органлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида никоҳланувчи шахсларни ОИВ инфекцияси бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича электрон маълумот алмашинув тизими жорий этилади.
2023 йил якунига қадар ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатлар мониторингини таъминлаш, реал вақт режимида дори ва диагностик воситаларнинг ҳаракатланишини кузатиб бориш имконини берувчи электрон ахборот тизими яратилади. Бунинг учун БМТнинг Ривожланиш дастури орқали 100 минг доллар ажратилади.
Шунингдек, Республика ОИТСга қарши кураш маркази лабораторияси халқаро аккредитациядан ўтказилади ва ўтказилган текширувлар натижалари халқаро тан олиниши таъминланади.
Республика ОИТСга қарши кураш маркази лабораторияси халқаро аккредитациядан ўтказилади ва ўтказилган текширувлар натижалари халқаро тан олиниши таъминланади;
Ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказлари ва уларнинг туманлараро лабораториялари қуйидагича ривожлантирилади:
15 та марказ бинолари ҳамда уларнинг 20 та туманлараро лабораторияларида қурилиш, капитал таъмирлаш, реконструкция ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилади;
марказларнинг поликлиника бўлимлари 3 турдаги (ЭКГ, денситометр, УТТ) ва лабораториялари 21 турдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланади.
Қолаверса, мутахассисларнинг касбий салоҳияти ошириш мақсадида камида 50 нафар тиббиёт ходимлари хорижга малака оширишга юборилади. ОИВ инфекцияси бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар амалга оширилади.