ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Тошкент вилоятидаги деҳқон бозорлари қаттиқ назоратга олинади. Бу ҳақда ҳоким Зойир Мирзаев иштирокида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда совуқ об-ҳаво шароитида фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлар ва саноат корхоналарига ёрдам кўрсатиш, бозорлардаги нарх-навони сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, жойларда тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш бўйича туну кун ишловчи махсус штаблар ташкил этилади. Айни шу мақсадда Зойир Мирзаев томонидан мутасаддиларга вилоят иқтисод блокини тўла сафарбар қилиш вазифаси берилди.
Бунда, бозорлардаги мавжуд вазиятни чуқур ўрганиш, сотувчи ва харидорларга шароит яратиш назарда тутилади.