Ходимларнинг давомати ва иш вақти ҳисоби табелини электрон шаклда қайд этиш бошланди

Давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини бошқариш учун электрон платформа ишга тушди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Ходимларнинг давомати ва иш вақти ҳисоби табелини электрон шаклда қайд этиш бошланди. Бу ҳақда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Айтилишича, давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини бошқариш учун электрон платформа ишга тушди. У 1 январдан барча давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликларда жорий этилмоқда.
Эндиликда кадрларга оид иш юритув ҳужжатлари электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда фақат тизим орқали электрон шаклда қабул қилинади ва юритилади.
Платформа vacancy.argos.uz ҳамда my.mehnat.uz электрон дастурлари билан интеграллашган. Ходимлар ва меҳнатга доир маълумотлар автоматик тарзда шаклланади.
Платформада ходимлар давомати ва иш вақти ҳисоби табели, шунингдек, хизмат сафари, меҳнат таътили, меҳнатга лаёқатсизлик даври электрон шаклда қайд этиб борилади.
Шунингдек, ходимларнинг иш фаолияти самарадорлиги ҳам автоматик баҳоланади. Кадрлар бўйича маълумотларнинг электрон архиви юритилади.
“Бунда давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурсларини ривожлантириш бўлинмалари бюрократия ва ортиқча қоғозбозликдан холи бўлган вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни тўлиқ электрон тарзда амалга ошириш каби қулайликларга эга бўлади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар тўғрисидаги маълумотлар ягона электрон базага жамланган ҳолда ахборот тўпланади ва унга ишлов берилади.