ТОШКЕНТ, 20 янв – Sputnik. Республикада апрел ойига қадар етадиган пиёз захиралари мавжуд, деди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги агротехнологиялар бош бошқармаси бошлиғи Зафар Ортиқов АОКАда бўлиб ўтган брифингда.
Мутахассис айтишига кўра, бугунги кунда жойлардаги захира қилинган пиёз миқдори 87 минг тоннани, ва аҳоли хонадонларида 232 минг тоннани, жами 319 минг тоннани ташкил қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилнинг 20 январдан 30 апрелига қадар тиббий меъёрлар бўйича аҳолининг пиёзга бўлган истеъмол талаби ўртача 346 минг тоннани ташкил этади.
Демак, аҳолининг истеъмол талаби доирасида мавжуд захирага қўшимча 26,5 минг тонна пиёз кераклигини кўрсатмоқда. Ушбу маҳсулотларни импорт қилиш бўйича хорижий давлатлардаги соҳавий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
"Аҳолимизга мурожаатимиз шуки, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари фавқулодда ошиши борасида тарқатилаётган турли ахборотларга берилмасликлари, бу билан бозорларда маҳсулотларнинг айни кундаги нархларининг асоссиз ошишига сабабчи бўлиб қолмасликларига чақириб қоламиз.
Шу ўринда, кераксиз хавотир ва ваҳималар, ҳиссиётларга ортиқча ўрин бермасликни тавсия қилган бўлар эдик. Бу борада барча масъуллар аниқ режа асосида иш юритмоқда. Ҳукумат комиссияси томонидан таъминотда узилишлар бўлмаслиги юзасидан ва нарх ошишининг олдини олишга қаратилган зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда", - дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик хабарига кўра, бу йилги аномал совуқлар натижасида айрим бозорлар расталарида сақланган пиёзлар музлаб қолиб, яроқсиз ҳолга келган. Пиёзнинг музлаш ҳарорати -5 даража. Шу билан бирга қўшни Қозоғистон ички бозорда нархларни барқарорлаштириш мақсадида пиёз олиб чиқишни тақиқлаган эди.
Маълумот учун, 2022 йилда республикада 1,9 млн тонна пиёз ҳосили олинган ва ундан 1,2 млн тоннаси аҳоли истеъмолига, 203 минг тонна экспортга, 93,2минг тонна захирага, 210 минг тонна умумий овқатланиш ва қайта ишлаш корхоналарига йўналтирилган. Табиий йўқотишлар эса 228 минг тоннани ташкил қилди. Бугунги кунда республика деҳқон бозорларида пиёзнинг ўртача чакана нархи 6000-8000 сўм.