ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Бугун Нидерландда бўлиб ўтадиган шахмат бўйича турнирда Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик, Жавоҳир Синдоров эса бразилиялик рақибига қарши дона суради. Бу ҳақда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги хабар берди.
Бугун Нидерландияда шахмат бўйича “Tata Steel Chess-2023” турнирининг 6-тур беллашувлари ўтказилади.
“Мастерс” гуруҳида пешқадамга айланган Нодирбек Абдусатторов бу гал ҳиндистонлик Праггнанадха билан беллашади. “Челленжер” гуруҳида учинчи ўринда бораётган Жавоҳир Синдоров бразилиялик Луис Пауло Супи (2608) билан ҳисоб-китоб қилади.
“Мастерс”: 6-тур: Нодирбек Абдусатторов (оқ) – Праггнанадха (қора);
“Челленжер”: 6-тур: Луис Пауло Супи (оқ) – Жавоҳир Синдоров (қора).
Баҳслар Тошкент вақти билан соат 18:15 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича 85-нуфузли “Tata Steel 2023” турнири бўлиб ўтмоқда. Турнир Challenger ва Master 2 гуруҳга бўлинган.
Биринчи гуруҳда 14 нафар шахматчи ўртасида ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров иштирок этмоқда. Иккинчи гуруҳда Магнус Карлсен, Аниш Гири, Фабиано Каруана, Уэсли Со ва бошқа кўплаб шахматчилардан GM Нодирбек Абдусатторов бор.
Кеча шахмат мусобақасининг “Мастерс” гуруҳида иштирок этаётган Нодирбек Абдусатторов (2713) 5-турда тажрибали Магнус Карлсенга (2859) қарши баҳс олиб борди.
Қора доналарда ҳаракат қилган Абдусатторов 6 соатдан ошиқ давом этган баҳсда муваффақиятга эришди. Аҳамиятлиси, бу ғалабадан кейин 4 очко жамғарган Абдусатторов “Мастерс” гуруҳида якка пешқадамга айланиб олди.