Ўзбекистонлик шифокорлар илк бор сиам эгизакларини ажратиб олишди - фото

Сиам эгизаклари 3 соат давомида операция қилинди. Ҳозирда мутахассислар сиам эгизакларининг аҳволини яхши деб баҳоламоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Қирғизистонлик сиам эгизаклар ўзбек шифокорлари томонидан биринчи марта ўта ноёб операция натижасида ажратиб олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Сиам эгизакларининг жарроҳлик амалиёти Ўзбекистондаги Республика перинатал маркази қошидаги неонатал хирургия марказида ўтказилган.
Қайд этилишича, эгизаклар ўтган йилнинг май ойида танасининг қорин қисми, аниқроғи, жигари билан бирлашган ҳолда дунёга келган.

“Амалиёт 3 соат давом этди. Болалар бир-бири билан жигар орқали бирлашгани ўз исботини топди. Болаларни ажратганда жигардан ва бошқа қон томирлардан қон кетишининг олдини олиш мақсадида ультратовуш ва аргон скалпели, шунингдек, “Bloodstop” деб аталган замонавий гемостатик материалдан фойдаландик. Натижада минимал даражада қон кетиши билан болалар ажратиб олинди”, - дейди Республика перинатал маркази қошидаги неонатал хирургия маркази раҳбари Бахтиёр Эргашев.

Таъкидланишича, беморларнинг ўт пуфаклари алоҳида-алоҳида шаклланган бўлган. Бу эса икки тана ажратилганида, мазкур аъзолар ўз вазифасини бекаму кўст бажаришини таъминлаб берган.
Эгизаклар муваффақиятли ажратиб олингач, операциянинг кейинги босқичида тиббий жамоа икки гуруҳга бўлиниб, иш олиб борди.
Ҳозирда мутахассислар сиам эгизакларининг аҳволини стабил деб баҳоламоқда.
Маълумот учун, сиам эгизаклари танасининг маълум бир қисми бирлашган ҳолда туғилади. Уларнинг ички органлари ҳам бирлашган бўлиши мумкин. Танаси туташ чақалоқларни вақти келиб жарроҳлик йўли билан ажратиш мумкин, бироқ умумий ички аъзоларга эга эгизакларни танасидан ажратиш деярли имконсиз.
Одатда сиам эгизаклари 200 минг ҳолатда бир марта учраши мумкин. Уларнинг аксарияти ўлик ҳолатда дунёга келади. Тирик туғилганларининг 5 фоиздан 25 фоизгача бўлган қисми узоқ умр кўрмайди.
1 / 3
2 / 3
3 / 3