ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Ўзбекистонда картошканинг янги ултра эртапишар “Тошкент эртагиси” навини яратилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Уни Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг селекционер олимлари яратишган.
Янги картошка нави мавжуд навлардан бир нечта устунлик жиҳатлари билан ажралиб туради. Жумладан, у ультра эртапишар нав, мавжуд маҳаллий эртапишар навлардан 10-12 кун вақтли етилади.
Қайд этилишича, бу йил барча тоифа хўжаликларда 286 минг гектарга, картошка экиш режалаштирилган. Тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олиб, республиканинг 40 та картошка етиштиришга ихтисослаштирилган туманларида 71 минг гектар майдонда картошка етиштирилади.
Маълумот учун, республикада Давлат реестрига картошканинг 152 тага яқин навлари киритилган. Шундан 19 та нав маҳаллий илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан яратилган. Кўп йиллик тадқиқотлар натижасида картошканинг янги 11 та маҳаллий навлари ихтиро қилинган.
Ўтган йили республикадаги барча тоифа хўжаликларда 221,5 минг гектарга картошка экилган эди. Мазкур майдонлардан 3,4 млн тонна картошка етиштирилди.
Тиббий меъёрлар нуқтаи назаридан, аҳолининг картошкага бўлган 1 йиллик эҳтиёжи (1 кишига 96 кг) 3,4 млн тоннани ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистон 16 та давлатдан қиймати 73,4 миллион долларга тенг бўлган 478,3 минг тонна картошка импорт қилган. Картошка импорти ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 22,5 минг тоннага ошган.
Ўзбекистон 11 ой давомида Покистондан 259,1 минг тонна, Қозоғистондан 155,1 минг тонна, Қирғизистондан 30 минг тонна, Россиядан эса 15 минг тонна картошка импорт қилган.