Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов Бирлашган Араб Амирликларининг мамлакатдаги элчиси Саид Матар Ал-Қамзий билан учрашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов БААнинг мамлакатдаги элчиси Саид Матар Ал-Қамзий билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон-БАА ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари, умумий кун тартибини янги амалий мазмун билан бойитиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Аввал эришилган келишувлар ижроси юзасидан фикр алмашилди ҳамда икки томонлама тадбирлар жадвали келишиб олинди.
Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мулоқотни, жумладан, вазирликлараро маслаҳатлашувлар орқали мунтазам давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва унинг таркибини диверсификация қилишга қаратилган қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.