ТОШКЕНТ, 19 янв – Sputnik. Ўзбекистон шифокорлари ўзак трансплантациясида россиялик мутахассислар билан ҳамкорлик қилмоқда. Бу ҳақида Sputnik мухбирига Республика ихтисослаштирилган гемотология илмий-амалий тиббиёт маркази илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Азиза Маҳмудова айтиб берди.
Ўзбекистонда ушбу мураккаб операцияларни амалга ошириш учун Россиядан “Суяк кўмиги трансплантациясидан кейинги асоратлар ва иммун тизими таъсири”ни ўрганувчи бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди Михаил Дроков ва Туркиянинг Анқара шаҳри, Абдураҳман Юртаслан онкология маркази қошидаги “Ўзак хужайралар трансплантацияси маркази” директори, профессор Февзи Алтинташ маслаҳатчи сифатида жалб қилинган.
Ўзаро ҳамкорликда марказда онкогематологик касалликларни даволаш жараёнига юқори технологик текширув усуллари, аллоген трансплантация жорий қилиш босқичлари, аллоген трансплантациядан кейинги реабилитация босқичларини белгилаш, ўткир сурункали лейкоз касалликларини молекуляр-генетик текшириш, яъни оқим цитофлюрометрияси, иммунофенотиплаш ва цитогенетик янги замонавий усуллар билан текшириш усуллари йўлга қўйилган.
Шу кунга қадар, Республика ихтисослаштирилган гемотология илмий-амалий тиббиёт маркази 46 нафар миелома касаллиги билан беморларда аутологик (ўзидан ўзига) ўзак ҳужайралар трансплантацияси ўтказилган.
Бошқа кишининг ўзак ҳужайрасини кўчириб ўтказиш (аллоген трансплантация) бўйича операциялар яқин бир неча ой ичида бошланиши режалаштирилган.
Россия гематология илмий маркази мутахассиси Михаил Дроков билан биргаликда “Аллоген гемопоэтик ўзак ҳужайралар трансплантацияси” миллий протколи, стандарт операцион муолажалари ишлаб чиқилди.
“Онкогематология ва трансплантация бўлимларида ҳамширалик ишларини ташкил қилиш, кимётерапия воситаларини тайёрлаш, ҳамширалар малакаси оширилди. Беморларини трансплантацияга тайёрлаш, трансплантация жараёнида ҳамширалик ёрдами ва парвариши, амалиётдан сўнг беморларни парвариш бўйича ўқитиш, уй шароити ўз-ўзига ва қаровчилар ёрдами бўйича маърузалар қилинди. Марказ ҳамширалари билан иш жараёнларида маҳорат дарслари ўтказилди”, - деди Маҳмудова.
Маълумот учун, Чехия, Беларусь, Туркия ва Германия йирик гематология марказлари тажрибалари ҳам ўрганилиб, ҳамкорлик шартномалари тузилган.