Лукашенко: Беларусь ва Россияни бўғиб қўйиш уринишлари чиппакка чиқди

Лукашенко ўтган йили ташқи санкцияларга қарамай, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик натижаларидан мамнун эканини билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Беларусь президенти Александр Лукашенко 2022 йилдаги Минск ва Москва ўртасидаги иқтисодий ривожланиш ва савдо ҳамкорлиги якунлари Ғарбнинг уларни бўғиб қўйишга бўлган уринишлари муваффақиятсизликка учраганидан далолат беришини маълум қилди.

“Бизни – ҳам Россия, ҳам Беларусни бўғиб қўйишга бўлган уринишлар амалда муваффақиятсизликка юз тутди. Биз албатта бардош берамиз... Барча муносабатларда суверенитетимизни сақлаш учун ҳаракатланишимиз керак бўлган йўналишларни белгилаб олдик”, - деди Беларусь раҳбари Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда.

Лукашенко Россиядаги йил якунидаги иқтисодий ривожланишлардан хабардор эканини таъкидлади ва Беларусда ҳам тахминан худди шундай натижаларга эришилганини қўшимча қилди.
У ўтган йили ташқи санкцияларга қарамай, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик натижаларидан мамнун эканини билдирди.