ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Россия Донбасс атрофидаги вазиятни тартибга солиш учун тинч йўллар билан қўлидан келган барча ишни бажарди, бироқ ҳамкорларнинг алдови туфайли буни амалга оширишнинг имкони бўлади. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин маълум қилди.
“Биз узоқ сабр қилдик, узоқ келишишга уриндик. Энди маълум бўлишича, бизни шунчаки алдаб келишган экан. <...> Шунга қарамасдан биз бу вазиятни тинч йўллар билан тартибга солиш учун барча имкони бор ишни қилдик. Бугун равшан бўлдики, бунинг имкони йўқ экан”, - деди Путин Улуғ Ватан уруши фахрийлари ва қамални бошдан кечирган Ленинград аҳолиси билан учрашувда.
Россия раҳбарининг сўзларига кўра, бу пайтда эса “душман бутун бу можарони ўткир ва қайноқ босқичга ўтказиш учун ҳозирлик кўрган”.
“Ҳозир олиб бораётган ишидан бошқа қиладиган ҳеч бир чорамиз қолмаганди”, - дея хулоса қилди Путин.
2022 йил 24 февралидан бери Россия Украинада махсус ҳарбий операция ўтказмоқда. Россия президенти Владимир Путин унинг мақсадини “саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирланган ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган. Қуролли кучлар олдида Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлаш вазифаси турибди.