Янги иш бошлаган ёш шифокорларга 1 млн сўмгача устамалар берилади

Ойлик фоизли устамалар тиббиёт муассасаси ходимларини рейтинг баҳолаш тизими асосида амалга оширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача устамалар берилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган тегишли низомда назарда тутилган.
Ҳужжат билан, Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғарма маблағларининг 75 фоизи барча давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларини моддий рағбатлантиришга сарфланади.
Шунингдек, маблағларнинг 25 фоизи тиббиёт муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, модернизация қилиш ҳамда таъмирлашга йўналтирилади.
Тиббиёт муассасаси ходимларига моддий рағбатлантиришнинг қуйидаги турлари қўлланилади:
тиббиёт муассасасининг юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларига ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача ҳамда бошқа ходимларга 75 фоизигача ойлик устамалар;
янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устамалар;
оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш ҳисобига иккинчи сменада ишловчи шифокор ҳамда ҳамшираларга лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик қўшимча устамалар;
тиббиёт муассасалари барча ходимларига касбий ва бошқа байрамлар муносабати билан бериладиган мукофот пуллари, шунингдек моддий ёрдам пуллари.
Ойлик фоизли устамалар тиббиёт муассасаси ходимларини рейтинг баҳолаш тизими асосида амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, тиббиёт муассасалари ходимларига тиббиёт соҳасида илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси учун ҳар ой устама тўланади. Бунда фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси учун лавозим маошининг 60% гача, фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига — 30% гача устама тўланади.