Россия армиясини кенг кўламли ўзгаришлар кутмоқда - Шойгу

Қайд этилишича, Россия Федерацияси президенти Қуролли кучлар сонини бир ярим миллион ҳарбий хизматчига кўпайтиришга қарор қилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Россия армиясини 2023 йилдан 2026 йилгача бўлган даврда кенг кўламли ўзгаришлар кутмоқда. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Сергей Шойгу ўтказган йиғилиш якунлари бўйича вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

“Россия Федерацияси президенти Қуролли кучлар сонини бир ярим миллион ҳарбий хизматчига кўпайтиришга қарор қилди. Давлатнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш, Россия Федерациясининг янги субъектлари ва ўта муҳим объектларини ҳимоя қилиш фақат Қуролли кучларнинг асосий таркибий қисмларини мустаҳкамлаш орқали кафолатланади”, - дея Шойгунинг сўзлари келтирилган хабарда.

Таъкидланишича, гап бошқа нарсалар қаторида Россиянинг янги ҳарбий-маъмурий бўлиниши ҳақида кетмоқда.
Ушбу ўзгартиришлар барча вазир ўринбосарлари, Қуролли кучлар бўлинмалари бош қўмондонлари, ҳарбий округлар ва ҳарбий қисмлар қўмондонларидан асосли қарорлар қабул қилишни талаб этиши таъкидланди.
Вазир, шунингдек, контракт бўйича ҳарбий хизматчиларни қўшинларга жамлаш, полигонлар сонини, шу жумладан, Россиянинг янги ҳудудларида кўпайтириш, шунингдек, армия эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.
Россия 24 февралдан бери Украинада ҳарбий операция ўтказмоқда. Россия президенти Владимир Путин унинг вазифасини “саккиз йил давомида Киев режими томонидан безорилик ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган. Унинг сўзларига кўра, якуний мақсад Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлайдиган шарт-шароитларни яратишдир.