ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. ДХР раҳбари вазифасини бажарувчи Денис Пушилин Россия ҳарбийлари Марьинкада муҳим муваффақиятларга эришаётганини маълум қилди.
“Марьинка аҳоли пунктида ҳам маълум муваффақиятлар бор. Барча баландликлар тозаланиб бўлинган ва бўлинмаларимиз томонидан назоратга олинган. Бу ерда ҳарбий хизматчиларимизнинг кечаю кундуз ишлаётганини кўрмоқдамиз”, - деди у “Россия 24” телеканали эфирида.
Пушилиннинг қўшимча қилишича, у яқин келажакда ҳарбийлар қишлоқ устидан тўлиқ назорат ўрнатишига умид қилмоқда.
Марьинка - ДХР пойтахтининг Петровский туманидан бир километр узоқликда жойлашган. У ерда Украина кучларининг муҳим позициялари жойлашган.
Шунингдек, Пушилин Россия кучлари Соледардаги Соль темир йўл станциясини эгаллаб олгани ва Северск ва Aртёмовск ўртасидаги Украина қуролли кучлари алоқасини узиб қўйишга муваффақ бўлганини таъкидлади.
Aртёмовск ДХРнинг Киев назоратидаги қисмида, йирик Горловка шаҳридан шимолда жойлашган. Соледар Aртёмовскдан тахминан 10 километр узоқликда жойлашган.
24 февралдан бери Россия Украинада махсус ҳарбий операция ўтказмоқда. Россия президенти Владимир Путин унинг мақсадини “саккиз йил давомида Киев режими томонидан таҳқирланган ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган. Қуролли кучлар олдида Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлаш вазифаси турибди.