Мирзиёев Ўзбекистонда Сингапур бизнеси учун истиқболли соҳаларни санаб ўтди

"Ўзбекистон - Сингапур" бизнес форумида умумий қиймати қарийб 5 миллиард долларлик янги инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзоланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 янв - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев куннинг иккинчи ярмида Сингапурнинг ишбилармон доиралари билан учрашув ўтказди.
Тадбирда Сингапур меҳнат вазири – савдо ва саноат иккинчи вазири Ленг Си Танг, Сингапур бизнес федерацияси раиси Минг Ян Лим, ушбу мамлакатнинг Indorama, Meinhardt group, CPG Corporation, Changi Airports, Сингапур менеджментни ривожлантириш институти, TMC Academy, Virtus Health каби 15 та йирик компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Шавкат Мирзиёев Сингапурнинг ишбилармон доиралари билан учрашув ўтказди
Шавкат Мирзиев Ўзбекистон-Сингапур бизнес форумининг муваффақиятли якунлари қайд этди.
Куни кеча ўтган Ўзбекистон-Сингапур бизнес форумининг натижалари мамнуният билан қайд этилди: унинг доирасида умумий қиймати қарийб 5 миллиард долларлик янги инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзоланди.
"Бу ҳамкорлигимиз анча фаоллашганидан, муваффақиятли кечаётганидан, Ўзбекистон-Сингапур муносабатлари амалий ва сифатли мазмун билан бойиганидан далолат беради, - деди Шавкат Мирзиёев. - Лекин икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш имкони бор.

Сингапур компанияларининг илғор тажрибаси бизда катта қизиқиш уйғотмоқда, - деди давлат раҳбари. – Ишончим комилки, сингапурлик ҳамкорларнинг инновация ва технологиялари Ўзбекистоннинг ресурслари ва кадрлар салоҳиятига қўшилса, бўлажак қўшма лойиҳалар барқарор ривожланади, - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчиси узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун энг истиқболли йўналишларни кўрсатиб ўтди:
хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиш,
шаҳар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш,
кимё ва тўқимачилик,
“яшил” иқтисодиёт, .
таълим, соғлиқни сақлаш соҳаси.
Шу билан бирга Ўзбекистон томони Сингапур тадбиркорларини зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш, имтиёзлар ва кафолатли харидлар шаклида кенг қўллаб-қувватлаш, бошқа кўмак чораларини тақдим этишга тайёр экани билдирилди.
Шавкат Мирзиёев Сингапурнинг ишбилармон доиралари билан учрашув ўтказди
Учрашув доирасида Ўзбекистон президенти Республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли инвестициялар ҳажми ЯИМнинг 30 фоизидан ортганини ва 2022 йилнинг ўзида Ўзбекистон иқтисодиётига 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилганини айтиб ўтди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга самарали давлат ташрифи якунига етди.