Мактаблар вақтинча онлайн таълим шаклига ўтиши мумкин

Мактабгача ва мактаб таълими вазири маҳаллий ҳокимликлар билан III чоракни бошлаш масаласини муҳокама қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Мактаблар вақтинча онлайн таълим тизимига ўтиши мумкин. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.
Вазир Ҳилола Умарова маҳаллий ҳокимликлар билан III чоракни бошлаш масаласини муҳокама қилди. Унда ҳудудларда мактабларнинг III чоракни бошлашга тайёргарлиги масаласи кўриб чиқилди.
Вазир ўз сўзида маҳаллий ҳокимликлар жойлардаги умумтаълим муассасаларининг тайёргарлик ҳолатини яна бир бор қайта таҳлил қилиш зарурлигини таъкидлади.
Айни дамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўқувчиларни об-ҳаво шароитлари барқарорлашгунига қадар вақтинча онлайн таълим тизимига ўтказиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳокимликлар мактаблар ва мактабгача таълим муассасалардаги қишки таътилни яна 17 январга қадар узайтиришга қарор қилишган эди.