ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг “Давлат фуқаролик хизматчиси билан тузиладиган меҳнат шартномасига доир намунавий талабларни тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ:
давлат хизматчиси билан тузиладиган меҳнат шартномасида акс эттириладиган 21 та мажбурий (давлат хизматининг ҳусусияти, давлат хизмати билан боғлиқ чекловлар, иш режими хусусиятлари ва бошқалар) ва 9 та қўшимча (синов муддати, маълумотларни ошкор этмаслик талаби) шартлар рўйхати тасдиқланмоқда;
давлат фуқаролик хизматига кираётган шахс билан меҳнат шартномаси 3 йилдан ортиқ бўлмаган ёки номуайян муддатга ёзма шаклда тузилади;
давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига кирувчи давлат фуқаролик хизматчилари билан меҳнат шартномаси тузилмайди.
Меҳнат шартномасининг мазмунига:
давлат фуқаролик хизматчисининг ҳолатини давлат фуқаролик хизмати ва меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка нисбатан ёмонлаштирадиган;
камситишни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузадиган;
мажбурий меҳнатни тақиқлаш ҳақидаги талабларни бузадиган;
давлат фуқаролик хизматчисини қонунга хилоф ҳаракатларни ёки ҳам давлат фуқаролик хизматчисининг, ҳам бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузадиган ҳаракатларни амалга оширишга мажбурлайдиган шартлар киритилган бўлса, улар ҳақиқий бўлмайди.
Меҳнат шартномасининг қўшимча шартлари сифатида доимий ёки вақтинча асосда масофадан туриб ишлаш, мослашувчан иш вақти режимида, вақтбай ёки ишбай тизимда ишлаш, охирги таътил берилган кундан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда уч ойдан ошмайдиган ва иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар берилиши кўзда тутилган.
Ҳужжат 2023 йил 30 апрелдан йилдан кучга киради.