Айрим ҳудудларда таътил муддати яна узайтирилди - тафсилотлар

Тошкент шаҳри ва вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларидаги мактабларда ўқув машғулотлари 23 январь, душанба кунидан бошланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Тошкент шаҳри ва вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида таътил муддати 22 январга қадар узайтирилди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги таълим муассасалари - мактаблар, лицей ва коллежлар ҳамда олий таълим даргоҳларида ўқиш 23 январдан бошланади. Шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа масъул ташкилотлар томонидан таълим объектларидаги ҳарорат белгиланган меъёрда бўлиши назоратга олинади.
Бухоро вилояти ҳокимлиги маълум қилишича, вилоятдаги барча таълим муассасаларида таътил 22 январга қадар узайтирилди. Айтилишича, совуқ ҳавонинг давом этиши ва ота-оналарнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда таътилни узайтиришга қарор қилинган.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги барча таълим муассасалари учун ҳам таътил 22 январга қадар узайтирилди. Қайд этилишича, мазкур қарорга маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда келинган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм ва Жиззах вилоятларидаги барча мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида ҳам қишки таътил 22 январга қадар узайтирилди.
Навоий вилояти мактабларида ҳам қишки таътил 22 январга қадар узайтирилди.
Мазкур ҳудудларда ўқув машғулотлари 23 январь, душанба кунидан бошланади.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида дарслар 18 январдан бошланишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 5 январь куни совуқ об-ҳаво муносабати билан барча таълим муассасаларида таътил 17 январга қадар узайтирилган эди. Ҳозирда вилоят ҳокимликлари об-ҳаво ва таълим муассасаларидаги шароитдан келиб чиқиб, таътил жадвалини мустақил белгиламоқда.
Айни дамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўқувчиларни об-ҳаво шароитлари барқарорлашгунига қадар вақтинча онлайн таълим тизимига ўтказиш масаласини кўриб чиқмоқда.