ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Коронавируснинг илк ўчоғи бўлган Хитой уч йилдан сўнг яна мураккаб эпидемиологик вазият билан тўқнаш келди. 2022 йил 8 декабрдан жорий йил 12 январгача мамлакатда коронавирус билан боғлиқ қарийб 60 мингта ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси вакили Цзяо Яхуй маълум қилди.
Аввалроқ Хитой ҳукумати мазкур хасталикдан ўлим кўрсаткичлари статистикасига фақат вирусли пневмониядан келиб чиққан нафас етишмовчилиги қурбонларини киритаётган эди.
Юқорида келтирилган рақам эса бир пайтнинг ўзида ёндош касалликлардан ҳам азият чеккан ва СOVID-19 асоратлари туфайли вафот этган беморларни ҳам қамраб олади.
Қайд этилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш вазири (ЖССТ) Тедрос Гебрейесус Хитой соғлиқни сақлаш вазири билан мулоқотда реал эпидемиологик ҳолатни муҳокама қилган ва айни пайтда шифохонада даволанаётган, жумладан, шошилинч тиббий ёрдам ва интенсив терапияга муҳтож беморлар сони тўғрисида маълумот олган.
“Айни пайтда мазкур кўрсаткичлар ЖССТ томонидан таҳлил қилинмоқда. Унинг натижалари Хитойдаги эпидемиологик вазият ҳамда коронавирус янги тўлқини таъсирини яхшироқ тушуниш имконини беради”, - дейилади ташкилот баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги пайтда дунёда “омикрон” штаммининг юқувчанлик даражаси юқори бўлган “кракен” номли ХBB.1.5 субварианти кенг тарқаляпти. Шу боис мутахассислар аҳолига хасталикка қарши бустер дозада эмланишни тавсия қилмоқда.