ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент ҳузурида энергия ресурслари таъминоти юзасидан ўтказилаётган йиғилишда маълум қилинди.
Таъкидланишича, Ортиқхўжаев вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун ишдан олинган.
“Мен совуқдан қийналаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кайфиятини, ҳиссиётини чуқур ташвиш ва изтироб билан юрагимдан ўтказаяпман”, деди Мирзиёев.
Юзага келган вазият соҳалар ҳамда ҳудуд раҳбарларининг бугунги кунгача қандай ишлаганини яққол кўрсатиб қўйгани таъкидланди. Айниқса, Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарлари бугунги ҳолатга тайёр эмаслиги кескин танқид қилинди.
Пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани натижасида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетгани, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, бозорларда озиқ-овқат музлаб қолмаслиги учун, нарх-наво ошиб кетмаслиги учун чора кўрилмаётгани учун пойтахт мутасаддиларига қатъий эътироз билдирилди.
Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимлари ҳам лавозимидан озод этилиб, ҳоким вазифасини бажарувчиси лавозимига туширилди. ДХХ ва Бош прокуратурага уларнинг фаолиятини ўрганиш топширилди.
Шунингдек, “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти раиси Фарҳод Абдурахмонов лавозимидан озод этилди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Рахмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, Бош прокурор ўринбосари Эркин Юлдашев шаҳар прокурори этиб тайинланди.