Президент Тошкент ҳокими Ортиқхўжаевнинг ишдан олиниши сабабларини айтди

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарларини бугунги ҳолатга тайёр эмаслигини халқ ҳам кўриб турганини қайд этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев энергетика мавзусидаги йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ишдан бўшатилиши сабабларини тушунтирди.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, аҳоли табиий газ ва электр таъминоти, коммунал хизматлар сифатидан жиддий эътирозлар билдиряпти, буни ҳамма кўриб турибди. Айниқса, Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарларини бугунги ҳолатга тайёр эмаслигини президент ҳам, халқ ҳам кўриб турибди.
Маълум қилинишича, ҳозирги кунда пойтахтда 3 миллион киловатт чеклов ўрнатилгани, 6 мингга яқин улгуржи истеъмолчилар газ тармоғидан узилганига қарамай, 120 та маҳаллада электр ва газ таъминотида узилишлар бўлган.
Биргина 15 январь куни Тошкент шаҳридаги 7 та юқори ва 524 та паст кучланишли трансформатор ҳамда 87 та трансформатор ортиқча юкламага бардош бера олмай ишдан чиққан. Айниқса, Юнусобод, Мирзо Улуғбек ва Учтепа туманларида бир кунда 100 га яқин маҳаллаларда авариялар бўлди.
"Нега пойтахтда шундай бўляпти? Нима учун биз олдиндан тайёргарлик қилмадик? Вазирлар Маҳкамаси масъуллари шунча гап гапирганимиз билан қаерга қаради деган савол, албатта, мени қийнаяпти. Шу боис вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевни ишдан олдим. Кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон “сводка” билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун ишдан олдим”, - деди президент.
Аввалроқ қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилгани хабар қилинган эди. Бахтиёр Раҳмонов пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
ДХХ ва Бош прокуратурага йиғилишда лавозимидан озод этилган мутасаддиларнинг фаолиятини ўрганади. Президент топшириғига кўра, агар қонун бузилишлар аниқланса, улар қатъий жавобгарликка тортилади.