Бахтиёр Раҳмонов пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди

У 2021 йил январдан Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Тошкент шаҳри ҳокими биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда президент ҳузурида энергия ресурслари таъминоти юзасидан ўтказилаётган йиғилишда маълум қилинди.
Раҳмонов вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун ишдан олинган Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўрнида иш бошлади.
Бахтиёр Раҳмонов 1959 йилда Тошкент вилоятида туғилган. У 1981 йилда Киев муҳандислик-қурилиш институтини, 2000 йилда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият тараққиёти академиясини тамомлаган.
2008 йилда Тошкент шаҳри Миробод тумани ҳокими этиб тайинланган. 2011 йилда капитал қурилиш масалалари бўйича ҳокимнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланган 2017 йилда Сергели тумани ҳокими бўлган. 2018 йилда Олмазор туманига раҳбарлик қилган. 2021 йил январдан Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.