Тошкентда савдо марказлари ва истироҳат боғлари иш вақти қисқартирилди

Барча савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўнгилочар савдо марказлари ва истироҳат боғлари иш фаолияти соат 10:00 дан 17:00 гача чекланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Тошкент шаҳрида ҳаво-ҳароратининг кескин пасайиши даврида барча савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўнгилочар савдо марказлари ва истироҳат боғлари қисқартирилган иш режимига ўтказилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги маълум қилди.
Чеклов ҳаво ҳароратининг кескин пасайши даврида аҳоли хонадонларига узлуксиз электр ва газ етказиб бериш мақсадида киритилган.
Шаҳардаги озиқ-овқат дўконлари ва умумовқатланиш корхоналари ўз режимида ишлашни давом эттиради.
"Барча савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўнгилочар савдо марказлари ва истироҳат боғлари иш фаолиятини эрталаб соат 10:00 дан 17:00 га қадар амалга ошириши лозим. Иш вақтидан сўнг барча электр асбоблари, иситиш ускуналарини ўчирилган ҳолда электр ва газ истеъмолини тўхтатиш талаб этилади", - дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкентда иситиш тизимини яхшилаш учун иссиқ сув босими пасайтирилгани хабар қилинган эди.