ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Тошкентда шаҳрида кўп қаватли уйларда энг камида уч кунга иситиш тизимини яхшилаш учун иссиқ сув босими пасайтирилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.
Хабарда ёзилишича, Тошкент шаҳрида ҳаво-ҳароратининг кескин пасайиши оқибатида иссиқлик станцияларига узатилаётган табиий газ босимининг пасайиб кетиши сабабли хонадонларга етказиб берилаётган иссиқ сув таминотида ҳам, иситиш тизимида ҳам охирги кунларда ҳарорат сезиларли даражада пасайиб кетди.
Бунинг натижасида ўз хонадонларини иситиш мақсадида фуқаролар қўшимча электр мосламалардан фойдаланишга мажбур бўлмоқдалар.
Бу эса ўз навбатида трансформатор станциялари ва узатиш симларида меъёридан ортиқча юкламани вужудга келтиряпти. Бунинг оқибатида эса охирги кунларда трансформаторлар ва симларда портлаш, ёниб кетиш каби авариялар сони кунлик 10 мартадан ошиб кетган.
“Шунга кўра, электр тизимига юкламани пасайтириш ва марказлашган иссиқлик тизими (отопление)да ҳароратни кўтариш мақсадида энг камида уч кун давомида кўп қаватли уйларнинг иссиқ сув таъминотида ҳароратни вақтинча пасайтиришга мажбурмиз. Бунда сувни иситишга сарфланаётган табиий газ иссиқлик тизимига йўналтирилади”, - дейилган хабарда.
Ҳокимлик вазиятни шаҳар фуқаролари тўғри баҳолашларига умид қилган ва келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраган.
Фуқаролардан уйларидаги энг зарур хоналарни иситиш ва ёритишдан ташқари энергия сарфини имкон қадар камайтириш сўралган.